Babakhan Foundation
Sec Bottom Mockup
Тарихий меросни ўрганиш йўлида илмий ҳамкорлик

Тарихий меросни ўрганиш йўлида илмий ҳамкорлик

Қарши давлат университети докторанти Нурсултон Арслонбеков “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг кадрлар тайёрлаш ва халқаро алоқалар соҳасидаги фаолияти (1940-1980-йиллар)” мавзусидаги диссертация устида изланиш олиб бормоқда. Ёш олим тадқиқот доирасида “Муфтий Бобохоновлар” Фондига ташриф буюрди. Ушбу учрашувда тадқиқотчи Фонднинг бой илмий ва тарихий мероси, ноёб архив ҳужжатлари ҳамда муфтийлар ва давлат арбобларининг ҳаёти билан […]

Қарши давлат университети докторанти Нурсултон Арслонбеков “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг кадрлар тайёрлаш ва халқаро алоқалар соҳасидаги фаолияти (1940-1980-йиллар)” мавзусидаги диссертация устида изланиш олиб бормоқда. Ёш олим тадқиқот доирасида “Муфтий Бобохоновлар” Фондига ташриф буюрди.

Ушбу учрашувда тадқиқотчи Фонднинг бой илмий ва тарихий мероси, ноёб архив ҳужжатлари ҳамда муфтийлар ва давлат арбобларининг ҳаёти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Меҳмонни Фонд директори ўринбосари Нозимхон Абидов самимий қабул қилди ва жамғарма фаолияти, мақсадлари ва амалга оширилаётган илмий-маърифий ишлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Айниқса, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг ташкил этилишида Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажиднинг беқиёс саъй-ҳаракатлари, шижоати ва хайрли ишлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, олий маълумотли диний кадрлар тайёрлаш учун Тошкент ислом институтини ташкил этишда ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг фидокорона меҳнатлари, хорижий сафарлари алоҳида таъкидланди.

Диний таълим тизимини такомиллаштириш, Ал-Азҳар университетининг замонавий ўқув дастурларини жорий этиш билан бирга, мамлакатлар ўртасида халқаро муносабатларни ўрнатишда Бобохоновлар сулоласининг хизматлари эътироф этилди. Хусусан, араб давлатларида Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида хизмат қилган Доктор Шамсиддинхон Бобохоновнинг халқаро алоқаларни ривожлантиришдаги юқори даражадаги дипломатик маҳорати ва фидойилиги ҳақида тўхталиб ўтилди.

Бундай илмий мулоқотлар икки томонлама манфаатли бўлиб, ёш тадқиқотчилар учун муҳим илмий манбалар ва тажриба олиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, Фонд учун ҳам илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тарихий меросни янги тадқиқот натижалари билан бойитишга хизмат қилади.

Ташриф якунида тадқиқотчи Арслонбековга Фонднинг эсдалик совғалари топширилди. Келгусида ҳам Фонд раҳбарияти Муфтий Бобохоновлар билан боғлиқ мавзуларида илмий изланиш олиб бораётган кўплаб тадқиқотчиларни таклиф этиб, ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирган.

Фоторепортаж

Тадбирдан фоторепортаж.

© 2019 - 2026 Babakhan Foundation Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.