Зайниддин Восифий
Зайниддин Восифий
Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси, Абу Бакр Қоффоли Шоший мақбараси таркибида Зайниддин Восифий (زینالدین واصفی) исмли муҳтарам шахснинг қабри бор. Нақлга кўра, мақбарага кираверишдаги чап тарафдаги дахма у зотга мансубдир. Шайх, шоир, адиб ва аллома бўлган бу зотнинг тўлиқ исми Шайх Зайниддин Маҳмуд ибн Абдужалил Восифийдир. У киши Хуросон мамлакатида туғилиб ўсган (1486), шеърий муаммо санъати […]
Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси, Абу Бакр Қоффоли Шоший мақбараси таркибида Зайниддин Восифий (زینالدین واصفی) исмли муҳтарам шахснинг қабри бор. Нақлга кўра, мақбарага кираверишдаги чап тарафдаги дахма у зотга мансубдир.
Шайх, шоир, адиб ва аллома бўлган бу зотнинг тўлиқ исми Шайх Зайниддин Маҳмуд ибн Абдужалил Восифийдир. У киши Хуросон мамлакатида туғилиб ўсган (1486), шеърий муаммо санъати борасида моҳир бўлгани учун ёшлигидан Амир Алишер Навоий назарига тушган, 1511 йилгача Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Фаридун Ҳусайнга котиблик ва бошқа ўғилларига муаллимлик қилган.
У киши ҳижрий 918 йил бошларида, милодий 1512 йилда Ҳиротдан Мовароуннаҳрга сафар қилади. Аввал Самарқандда бир йил истиқомат қилиб, кейин Бухорога боради, бир қанча вақт у ерда тургач, сўнг Туркистон шаҳридан 40-50 чақирим масофа бўлган Саброн (баъзи манбаларда Саврон) шаҳрига келади. Кейин у ердан Фарканд (Паркент)га, ундан Тошкентга, ундан Шаҳрисабзга, ундан яна Самарқандга, ундан Сирдарё бўйидаги Шоҳрухия шаҳрига, ундан Оҳангаронга ва яна Тошкентга келади.
Тошкент султони Севинчхожахон вафот этгач (ҳижрий 931, милодий 1525 йил), ўғли Келдимуҳаммад Султон унинг ўрнига ҳукмдор бўлди. Унинг устози бўлган Восифий шу сабаб билан Тошкентда доимий яшаб қолди, 1566 йилда шу ерда вафот этди, шу ерда – Ҳазрати Имом мақбараси ҳудудида дафн этилди.
Васифийнинг Тошкент ва унинг боғлари ҳақидаги насрий ва шеърий баёнлари улуғ ҳайрат, муҳаббат ва садоқат намунасидир. «Бадоеъ-ул-вақоеъ» асаридан у зот, ҳақиқатан, Тошкент шайдоси эканлиги маълум бўлади.