Шажара
АЖДОДЛАР ТАРИХИ
150 ҳижрий йилда Аллоҳнинг солиҳ бандалари қаторида юраги имон нури билан ёришган Ислом тарғиботчилари ва маърифатчилари сифатида Шомнинг1 (Яқин Шарқдаги Сурия, Иордания жойлашган худуд) подшоҳи Ҳазрати Исҳоқ Боб ва Яманнинг султони Ҳазрати Ювош Боб (ака-укалар, иккиси Абдур ар-Раҳмон ибн Абдул Қаҳҳор ибн Абдул Жабборнинг ўғиллари), Мавлоно Баҳруддин Қаффол, Ҳазрати Абдужалил ота, Ҳазрати Абдул Мажидбоб («Ханорлик ота» номи билан машҳур бўлган) ва Ҳасан Восил каби саркардалар лашкарлари билан Шомдан Мовароуннаҳр сари йўлга чиқишган. Улар хозирги Эрон, Афғонистон худудларидан ўтиб Турон заминига келишади. Уларнинг йўли Шомдан бошланиб Шамот – Табриз – Урганч – Мазандаран – Сарахс – Балх – Термиз – Бухоро – Шош – Исфижоб – Ўзган – Фарғона – Ўш – Касондан ўтган.
Исфижоб(ҳозирда жанубий Қозоғистондаги Сайрам)да улар жўшқин фаолият юритишади, натижада тез орада Исфижобда дин курашчилари учун 1700 бошпана тайёрланди. Муҳтожлар у ерда ўзларига озиқ-овқат, молларига ем олишлари мумкин эди. Исфижоб аҳолиси ўз мол-мулкини хайр-эҳсон қилишга тайёрлиги билан бошқа ердаги мусулмонлардан ажралиб турарди. Бойлар ўз маблағини карвон-саройлар қуришга ва уларни сақлашга, йўл қуришга ва бошқа хайрли ишларга сарф этишарди.
Мовароуннаҳрни истило қилиш жараёнида араблар маҳаллий халқлар маданияти уларникидан юқорироқ эканлигига иқрор бўлганлар. Саҳобалар, тобеъинлар ва Ислом ғозийлари билан бирга келган уламоларнинг саъйу кўшишлари натижасида ушбу динга эътиқод қилувчилар кўпайди. Бунга қўшимча равишда Ислом дини мафкураси Уйғониш даври бошланишига туртки берди. Уйғониш даврининг биринчи босқичини ташкил этган IX—XII асрларда Мовароуннаҳрда мадрасалар, масжидлар пайдо бўлди ва диний илмлар, исломий санъат марказлари вужудга келди. Дини Ислом бу ўлкада ажиб бир суъратда ривожланди. Ҳазрати Абдулмажидбоб билан Ҳазрати Ювошбоб Сайрамда қолишади. Ҳазрати Исҳоқбоб эса, Туркистондан ўтиб, Қарғали томон йўлда давом этади.
Ҳазрати Абдулмажид Боб Шомнинг адолатли ҳукмдорларидан бири сифатида аҳоли ўртасида катта обрў қозонган. Исфижобда ҳам у ҳукмдор этиб эълон этилади. Ҳазрати Абдулмажид Боб давлат юритиш билан бирга, минтақада маърифатчилик, таълим-тарбия ишларини, шунингдек, қозиликни ҳам зиммасига олади. Абдулмажид Боб 45 йил минтақада волийлик қилади. Ёлғиз қизи Товусбегимни дўстлари орасида илмли бўлган Ҳазрати Ювош Бобга (730–830 м.й.) никоҳлаб беради. Ҳаётининг сўнгги йилларида бошқарувни куёви Ҳазрати Ювош Бобга топширади. Ҳазрати Абдулмажид Бобнинг вафотидан Исфижоб халқи чуқур қайғуда қолади. У дафн этилган жой мусулмонлар зиёратгоҳи қаторига киради.
Ҳижрий 150 йили кўчирилган, Эшон Бобохон авлодларида сақланиб келган шажарага кўра, Ҳазрати Ювош Боб ибн Абду ар-Раҳмон билан Товусбегим саккизинчи асрда ислом маърифатчилари сулоласига асос солган аждодбошилардир.
Аллоҳ таолонинг марҳамати билан Ҳазрати Ювош Бобнинг одил ва саховатли, маърифатпарвар ҳукмдор сифатидаги шуҳрати Ғарбу-Шарқда кенг ёйилди, халқ ижодида мадҳ этилиб, авлодлардан авлодларга ўта бошлади. Унинг жуда очиқкўнгил, обрў-эътиборли ҳукмдор бўлганидан ҳикоя қилувчи халқ оғзаки ижоди намуналари бизгача етиб келган. Ювош Боб ҳозирги Сайрам вилоятининг Сийқим қишлоғида милодий 830 йилда дафн этилган. Қишлоқ аҳли ҳазратнинг кейинги авлодлари қабр устига мақбара тиклашди. Мусулмонлар маҳаллий жамоаси тайинлаган ходим шу кунларда ҳам мақбарада тозаликни сақлаб, зиёратчиларга хизмат қилиб туради.
Ҳазрати Ювош Боб вафотидан кейин бошқарувни унинг ўғли Фахрул Ислом қўлга олади. Фахрул Ислом вафоти олдидан минтақада бошқарув ва шариат ишларини юритишни ўғли Нурул Исломга топширади. Нурул Ислом вафот этганидан сўнг унинг ўрнини ўғли Садрул Ислом эгаллайди. Садрул Ислом ўрнини ўғли Бадрул Исломга қолдиради. Бадрул Исломнинг ўғли Шайх Исмоил отасининг ишини давом эттиради, кундузлари бошқарув ишлари, маърифат тарқатиш билан шуғулланса, кечаларни ибодат, Қуръони каримни тиловат қилиш билан ўтказади. Унинг тўрт ўғли бор эди. Улардан бири қози Абдуллоҳ ибн Умар ал-Байзовий(кейинчалик қози Байзовий номи билан танилади) Қуръон муфассири ва шореҳи отасининг ўрнини эгаллайди. У узоқ йиллар давомида минтақани бошқаради, ҳукмдор сифатида адолат ва олийжаноблик намуналарини кўрсатади, 1286 йили вафот этган. Унинг вафотидан сўнг ўғли Абдулмажидхўжа ҳокимиятга кўтарилади. У ҳам отасининг ишларини муносиб тарзда давом эттиради, минтақани шариат қонунлари асосида бошқаради ва шаҳар ҳокимлигини ўғли Низомиддинга топширади. У ҳам ўз навбатида минтақани бошқариш ишларини тўрт ўғлидан бири Муҳаммад Ислом Хожага топширади. У ҳам ҳаётининг сўнгги кунларига қадар бошқарувни аждодларига муносиб давом эттиради. Вафотидан сўнг бошқарув ўғли Ҳазрат Қози Хўжа қўлига ўтади. Унинг вафотидан сўнг ҳокимиятни Қози Шоҳ Ҳусайн бошқаради ва ўғли Муҳаммад Содиқни валиаҳд ворис этиб тайинлайди.
Мазкур сулола вакиллари ва уларнинг фаолияти ҳақида жуда кўп ибратли ва қизиқарли маълумотлар бор. Аммо биз бу ўринда уларни жуда қисқа қилиб, санаб ўтиш тартибида келтириш билан чекланамиз.
Шоҳ Муҳаммад Содиқ минтақа бошқарувини ўғли Қози Тўлак Хўжага қолдиришни лозим кўради. Тўлак Хўжа вафот этганидан сўнг тахти Қози Шоҳ Абдулваҳҳобга тегди, у билими билан, бошқарувда амалга оширган ислоҳотлари билан машҳур бўлди. Унинг олти нафар ўғли бўлиб, барчаси мамлакатдаги энг илғор олимлардан эди. Улардан бири Қози Муҳаммад Исломхўжа узоқ йиллар маърифат тарқатиш билан шуғулланди, бу ишда аждодлари каби етакчилик қилди. Унинг ўғли Эшон Айюбхўжа ўқимишли, иш юритишда моҳир эди. Эшон Айюбхўжанинг тўрт ўғли бўлган: биринчиси Эшон Исомиддинхўжа, иккинчиси Эшон Зиёвуддинхўжа, учинчиси Ҳусомиддинхўжа ва тўртинчиси Исматуллоҳхўжа. Эшон Исомиддинхўжанинг ўғли Юнусхўжа Эшонга ҳам Аллоҳ икки ўғил беради: биринчиси Имом Муҳаммад Эшон, иккинчиси Абдулмажидхон Эшон. Имом Муҳаммадхон ўғли ҳазрати Баҳодирхон домла (1848 – 1909) юксак фазилат ва билим соҳиби, “Бегларбеги” мадрасасининг бош мударриси, Эшон Бобохоннинг биринчи устози бўлганлар. Имом Муҳаммадхон ва Баҳодирхон Махдум вафотларидан сўнг Қаффол аш-Шоший мақбараси ҳудудида дафн этилганлар.
Абдулмажидхон Эшоннинг тўнғич ўғли Эшон Бобохон 1858 йилда дунёга келади. У олти ёшга етганда онаси вафот этади. Юнусхўжа Эшон набирасини ўз қарамоғига олади, кейинчалик унинг тарбиясини қизи Бибисорага топширади.
ХIХ асрда Русия подшоҳлигига қарам бўлган ҳудудлардаги обрўли руҳонийларнинг рўйхати тузилган. Асосий мақсад улар орқали маҳаллий халқни бошқариш эди. Шарқшунос Н.С.Лыкошиннинг 1889 йили Тошкент эшонлари ҳақидаги маълумотида: “Cебзор даҳаси Парчабоб маҳалласида истиқомат қилувчи мулла Абдулмажидхон ибн Юнусхўжа эшон80 ёшда, Нақшбандия тариқатига кирган, ўқимишли мулла ҳисобланади, деҳқонлик билан шуғулланади, моддий таъминоти яхши. Унинг Тошкент шаҳридаги муридлари сони тўрт юз кишига боради. Эшон бухоролик устози (Соҳибзода номи билан танилган) Миён Ғуломқодирдан фотиҳа–рухсат олган. Эшон ҳаммаси бўлиб, ўн бешта ўринбосар тарбиялаган. Уларнинг кўпчилиги Тошкентда яшайди: Имом Алихўжа эшон (Парчабоб маҳалласи), Сиддиқ қори (Ҳалимкўп маҳалласи), Ҳорунхўжа эшон (Работ маҳалласи), Жалилхўжа эшон. Эшон муридларининг аксарияти Тошкент вилоятидаги Занги Ота ва Қорамурутда ва Сайрам шаҳрида яшайди. Эшон Тошкент шаҳар қозиси Муҳиддин ҳожи билан қариндош бўлган. Эшоннинг тўнғич ўғли Муҳиддин ҳожининг қизига уйланган. Мулла Абдулмажидхон шаҳарнинг энг обрўли дин арбоби ҳисобланади. У ўз сулоласининг илдизлари Исломнинг илк фотиҳ-маърифатчиларига бориб туташувини тасдиқловчи ишончли шажарага эга, бу билан фахрланади. Эшон кўчмас мулклари ҳисобидан йилига 100 сўм солиқ тўлайди. Ҳар жума куни эрталаб Парчабобдаги масжидда намоз ўқилади, унда йигирма-ўттиз киши иштирок этади. Эшон Мўйи Муборак мадрасасининг мударриси (мудири) ҳисобланади”, деб ёзилган.
Мазкур сулоланинг 21-чи авлод вакили Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, 22-чи авлод вакили Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, 23-чи авлод вакили Шамсуддинхон Бобохонов.