Муфтийлар сулоласи шажараси Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказидан ўрин олади

Муфтийлар сулоласи шажараси Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказидан ўрин олади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази миллий маънавий меросни тарғиб этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўлида сенсацион экспозициялар тайёрламоқда. Марказда амалга оширилаётган ишлар доирасида шўро даврида ўзбек халқининг диний қадриятларини асраб қолган Муфтий Бобохоновлар сулоласи фаолиятига оид экспозицияни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда Марказ ходимлари ҳамда Муфтий Бобохоновлар жамғармаси вакиллари иштирок этди. Учрашувда экспозициянинг асосий йўналишлари бўйича […]
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази миллий маънавий меросни тарғиб этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўлида сенсацион экспозициялар тайёрламоқда.
Марказда амалга оширилаётган ишлар доирасида шўро даврида ўзбек халқининг диний қадриятларини асраб қолган Муфтий Бобохоновлар сулоласи фаолиятига оид экспозицияни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда Марказ ходимлари ҳамда Муфтий Бобохоновлар жамғармаси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда экспозициянинг асосий йўналишлари бўйича келишувга эришилди. Жумладан, марказда Бобохоновлар сулоласига тегишли қуйидаги экспонатлар ўрин олиши белгилаб қўйилди:
- миллий нақшлар ва тарихий маълумотлар билан безатилган махсус тач-панел;
- сулолага тегишли қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлар;
- Муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари, муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ва сулола вакилларига берилган орден ва медаллар, жумладан, Олий даражали Имом Бухорий ордени, халқаро миқёсдаги мукофот ва совринлар;
- Бобохоновлар сулоласининг мукаммал шажараси.
Муфтий Бобохоновлар жамғармаси директори Жамолиддин Бобохоновнинг сўзларига кўра, мазкур экспозиция нафақат сулола фаолиятини ёритиш, балки Ўзбекистон тарихидаги муҳим диний-маърифий жараёнларни намоён қилишга қаратилган. Таъкидланишича, кўргазмада диний идоранинг ташкил топиш тарихи, “Мир Араб” мадрасаси ва Тошкент ислом институтининг очилиши, шунингдек, Бобохоновлар сулоласининг турли мамлакатлар билан йўлга қўйган халқаро алоқаларига оид маълумотлар акс эттирилади.
“Марказда тайёрланаётган ушбу экспозиция халқимизга, юртимизга келадиган меҳмонларга бой маълумот манбаи бўлади. Шу билан бирга, бу жараёнда биз ҳам ўз таклифларимизни бердик ва кўплаб тарихий ҳужжатлар, медаллар ҳамда шажарани тақдим этишга тайёрмиз…”, — деди Фонд раҳбари.
Таъкидлаш жоизки, марҳум Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон атеистик мафкура ҳукмрон даврда ҳам диний-маърифий соҳани ривожлантириш йўлида катта хизмат қилган. Президентимиз унинг хизматларини юксак баҳолаб, бир неча маротаба нутқларида эътироф этган ҳолда “Олий даражали Имом Бухорий ордени” билан тақдирлаган. Шунингдек, сулола вакиллари Ливан, Иордания, Марокаш каби мамлакатларнинг мукофотларига, шунингдек, “Ибн Сино” медали ва “Халқлар дўстлиги” орденига сазовор бўлган.
Фоторепортаж
Тадбирдан фоторепортаж.
