Дамир ҳазрат Мухетдинов ташрифи

Дамир ҳазрат Мухетдинов ташрифи
Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, теология фанлари доктори, профессор Дамир ҳазрат Мухетдинов “Муфтий Бобохоновлар” фондига ташриф буюрди. Фонд директори Жамолиддин Бобохонов, директор ўринбосари Нозимхон Обидов, Фонд таъсисчилари Амирсаидхон Усмонхўжаев ва Анвармирзо Ҳусайинов, Фонд ходими Муродхон Зиёвуддинов Дамир ҳазрат билан самимий мулоқотда келгусидаги лойиҳалар, ҳамкорлик йўналишлари ва муҳим ташаббусларни муҳокама қилдилар. Жамолиддин Бобохонов Фонднинг ҳозирги […]
Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, теология фанлари доктори, профессор Дамир ҳазрат Мухетдинов “Муфтий Бобохоновлар” фондига ташриф буюрди.
Фонд директори Жамолиддин Бобохонов, директор ўринбосари Нозимхон Обидов, Фонд таъсисчилари Амирсаидхон Усмонхўжаев ва Анвармирзо Ҳусайинов, Фонд ходими Муродхон Зиёвуддинов Дамир ҳазрат билан самимий мулоқотда келгусидаги лойиҳалар, ҳамкорлик йўналишлари ва муҳим ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Жамолиддин Бобохонов Фонднинг ҳозирги фаолияти, олиб борилаётган тадқиқот ва нашр ишлари билан меҳмонларни яқиндан таништирди.
Учрашувда Дамир ҳазрат Муфтий Бобохоновларнинг собиқ Совет давлатида динимиз ривожига қўшган ҳиссасини юксак қадрлашини, Фонд раҳбарияти билан узоқ йиллик дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади.
Марҳум муфтий Умар ҳазрат Идрисов бошчилигидаги Нижний Новгород мусулмонлари делегацияси 2007 йил 1 май куни Тошкентда Жамолиддинхон Бобохонов хонадонида бўлишди ва марҳум муфтий Шамсиддинхон Бобохоновни хотирлаб, у киши яратган кутубхона билан танишдилар, суратларни кўздан кечириб, муфтий Бобохоновларнинг фаолияти ҳақида китоб ёзишни таклиф этишиб, китобни нашр этишга имкон қадар ёрдамга тайёрлигини билдирган эди.
Шундан сўнг, “Муфтий Бобохоновлар” Фонди 2007 йил октябрь ойида Нижний Новгородда марҳум муфтий Умар ҳазрат Идрисов ва Дамир ҳазрат Мухетдинов таъсисчилигида очилган, унинг ташкил этилиши ва ривожлашида ҳамда муфтий Бобохоновлар ҳақида рус тилида китоб чоп этилишида Дамир ҳазратнинг хизматлари беқиёс.
Бугунги кунда Дамир ҳазрат Россия муфтийлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари бўлиш билан бирга Москва ислом институти ректори ҳам.
Халқаро майдонда исломшунослик, диний таълим ва экстремизмга қарши курашдаги маърифий ишлари билан танилган. Ислом ва цивилизациялар ўртасида мулоқотни ривожлантириш учун кўплаб халқаро конференцияларда иштирок этиб келмоқда.
Шу кунларда 20 дан ортиқ мамлакатдан 200 дан зиёд олим ва мутахассислар иштирокида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбирда IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон ислом лигаси, Оксфорд университети, Christie’s аукцион уйи каби нуфузли ташкилот вакиллари иштирок этиб, илмий меросни асраб-авайлаш, рақамлаштириш, янги лойиҳалар ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Нуфузли форумда Дамир ҳазрат Мухетдинов ҳам иштирок этди.
Учрашув якунида Жамолиддин Бобохонов ташриф ва самимий мулоқот учун миннатдорлик билдириб, Дамир ҳазратга Фонд томонидан нашр этилган китобларни ҳадя қилди.
Фоторепортаж
Тадбирдан фоторепортаж.



