Марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди
Марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланди
Президент Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ марҳум Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланган эди. 30 август куни ушбу мукофотни марҳум шайхнинг қизлари, Мухлисахон Зиёвуддинова Кўксаройда президент Шавкат Мирзиёевдан қабул қилиб олди.
27 июнда эълон қилинган Президент фармонида шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ва минтақамизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини эл-юртимизга безавол етказиш, буюк уламо ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик ибратли фаолияти, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги юксак хизматлари учун” мукофотлангани маълум қилинган.
Зиёвуддинхон 1908 йилда Тошкентда Тилла Шайх масжидининг имом хатиби шайх Эшон Бобохон оиласида таваллуд топганлар. Бошланғич диний таълимни оталар шайх Эшон Бобохондан, кейинчалик Кўкалдош мадрасасида тажвид қоидаларидан сабоқ олди ва ўн икки ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олади. 1943 йилда отасининг ташаббусига қўшилиб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати (ЎОҚМДН) тузилишига фаол хизмат қилганлар. Янги тузилган Диний назоратда 1943-1948 й.й. масъул котиб вазифасида ишлаганлар. 1947-1948 й.й. Қоҳира, Макка ва Мадина шаҳарлардаги олий Ислом ўқув юртларда малака оширганлар. 1948-1957 йилларда ЎОҚМДНинг раис ўринбосари вазифасида ишлаганлар.
Собиқ Иттифоқида ягона Ислом олий ўқув юртини Тошкентда очилишига катта хисса қўшганлар. Имом Бухори номидаги Тошкент Ислом институтида нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Шимолий Кавказ ва Кавказорти мусулмон республикалари, Россия вилоятлари учун ҳам олий маълумотли мутахассислар, бўлгуси масжид имомлари, мусулмонларнинг маънавий етакчилари таёрланган.
Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Ислом равнақи йўлидаги катта хизматлари учун биринчи даражали «Иордания юлдузи» ордени (икки марта), «Иордания юлдузи» кўкрак нишони, биринчи даражали «Ливан қарағайи», «Ливан юлдузи» орденлари, Марокашнинг олий даражали «Буюк мутафаккир» ордени, собиқ Иттифоқнинг «Ҳурмат белгиси» ва «Халқлар дўстлиги» орденлари билан тақдирланганлар.
Президент фармони билан, шунингдек Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди.
Фоторепортаж
Тадбирдан фоторепортаж.