Babakhan Foundation

Эл-юрт орасида катта ҳурмат ва обрўга эга ҳамда диний соҳада кўп йил фидокорона хизмат қилиб, бой тажриба орттирган уламолар..


Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон

Ҳижрий 1276 йили (милодий 1860) Тошкентда диндор оилада таваллуд топганлар. Оталари Абдулмажидхон Эшон таниқли олим, машҳур “Мўйи Муборак” мадрасаси мударриси, боболари Юнусхон ибн Аййубхон мударрис ва шайхулислом бўлишган. Бошланғич таълимни уйда олган Эшон Бобохон Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида машҳур устозлардан, хусусан, Домла Икромчадан таҳсил олдилар. Ноёб ақл-заковат соҳиби бўлган Эшон Бобохон умр бўйи илм талабида бўлиб, тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ билимдони бўлиб етишдилар. Бир неча йиллар “Мўйи Муборак” жомеъида имом-хатиб ва мударрис бўлдилар. Дунёнинг кўп қисмида тарқалган нақшбандиййа тариқатининг намоёндаларидан эдилар. 1943 йили ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг ягона диний бошқармасининг илк раиси, муфтий. Муфтийлик даврларида ҳажга ижозат тегди. “Мир Араб” мадрасаси қайтадан фаолият бошлади, масжидлар ҳақида низом ишлаб чиқилди, бошқарма кутубхонасига асос солинди, халқаро алоқалар кенгайди. 1957 йили Тошкентда вафот қилганлар. Абу Бакр Қаффол Шоший қабрлари ёнига дафн этилганлар.

Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон

1908 йили Тошкентда, ўз даврининг улуғ алломаси Эшон Бобохон хонадонида таваллуд топганлар. Уша пайтда анча машхур бўлган Ҳаким қори домла, Баҳодирхон махдум, Шайх Алоуддин, Жамол ҳожи каби устозлардан сабоқ олганлар, ўн икки ёшда Қуръони каримни тўла хатм қилиб, ҳофизул-Қуръон бўлдилар. 1920 йили Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасасига ўқишга кириб, ўша пайтда Тошкентга келган суриялик илоҳиёт олими аш-Шомий ат-Тараблусийдан ҳадис, фиқҳ илмини ўргандилар. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати ташкил этилиб, Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон масъул котиб ва Ўзбекистон қозиси бўлдилар. 1947-1948 йилларда Крҳирадаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида, сўнгра Макка, Мадина шаҳарларида тахсил олиб, ҳадисдан билимларини чуқурлаштирдилар. 1948 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати раиси ўринбосари этиб сайландилар. Оталари вафотидан сўнг, яъни, 1957 йили раисликка сайланиб, умрларининг охирига (1982 йил) қадар ана шу вазифада самарали ишладилар.

Муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон даврларида дин равнақи йўлида катта ишлар қилинди, Қуръони карим, бошқа кўплаб китоб ва дарсликлар чоп этилди, Тошкент Ислом маъҳади очилди, Мусулмонлар учун тақвим, журнал нашр этиш қайта йўлга қўйилди, халқаро алоқалар мустаҳкамланди. У кўплаб халқаро ташкилотларнинг аъзоси эди. Собиқ СССР, Ўрдун, Марокаш, Лубнон каби мамлакатларнинг мукофотлари билан такдирланганлар.

Қабрлари оталарининг қабри ёнида.


Шамсуддинхон Бобохонов

1937 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1959 йили Тошкент чет тиллар институганинг инглиз тили факултетини тамомлаган. 1962-1966 йилларда Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” дорилфунунида таҳсил олган. 1973 йили Масковда араб филологияси бўйичи номзодлик илмий ишини ёқлаган. 1975-1982 йилларда Имом ал-Бухорий номли Тошкент Олий Ислом маъҳадига ректор бўлди. 1982-1989 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий, 1989-1994 йилларда шарқшунослик институтида катга илмий ходим бўлиб ишлади. 1994 йилдан 2001 йилгача дипломатия соҳасида хизматда бўлди. Ўрдун Қироллик академиясининг ҳақиқий аъзоси, Халқаро Ибн Сино мукофоти соҳиби.

2003 йилда Тошкентда вафот этди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

1952 йилда Андижон вилоятининг Булоқбоши қишлоғида туғилган. Ўрта мактабда ўқиш билан бирга отаси Муҳаммад Юсуф ҳожидан диний таълим олган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасасини, Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳадини битирганидан сўнг бирмунча вақт “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таҳририятида ишлаган. 1980 йили Ливиядаги “Ислом даъвати” олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тугаллагач, идоранинг халқаро бўлимида, кейинчалик Ислом маъҳади мудири ноиби, 1983 йилдан эса мудир бўлиб хизмат қилди. 1989 йил баҳорида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг IV қурултойида диний идора раиси, муфтий этиб сайланди. Бу вазифада 1993 йилгача ишлади.

Бир неча халқаро Ислом ташкилотларининг аъзоси.


Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий

1928 йили Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Бухородаги “Мир Араб”, Тошкентдаги Бароқхон мадрасаларида, Суриядаги Дамашқ жомеъсининг шариат куллиясида таҳсил олган. 1958-1991 йилларда “Мир Араб” мадрасасида мударрис, бош мударрис, мудир вазифаларида ишлади. 1984-1988 йиллари Тошкент Ислом олий маъҳадида хорижлик талабаларга дарс берди. 1991-1993 йиллари Бухоро вилоятидаги «Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд» масжидида имом-хатиб, 1993-1997 йиллари Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси раиси, муфтий бўлди, кейинчалик яна имомлик қилди. 2002 йили вафот этган.


Абдурашид қори Абдумўмин қори ўғли Бахромов

1953 йили Андижон шаҳрида таваллуд топди. Дастлабки Қуръон илмларини отаси Абдумўмин қоридан ўрганиб 16 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. 1975-1981 йиллар оралиғида Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси ва Тошкент ислом институтида таҳсил олди. 1979-1997 йилларда Тошкент ислом институти мударриси ҳамда Тошкент шаҳридаги “Тилла Шайх” жомеъ масжиди имом хатиби вазифаларида хизмат қилди. 1997 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди. Шунингдек, Абдурашид қори Абдумўмин ўғли Миср Араб Республикасининг “Ал-Азҳар” университети малака ошириш курсида таҳсил олган. 2006 йил апрел ойида Миср Араб Республикасида ўтказилган конференцияда “Ал-Азҳар” университетининг фахрий талабалигига қабул қилинган. 2006 йил август ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқиб, шу йили сентябрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Уламолар кенгаши” қарори билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Фахрий имоми” унвонига эга бўлган. 2011 йилда вафот этган.

Усмонхон Темурхон ўғли Алимов

Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилоятида туғилган бўлиб, 1982-83 йилларда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, 1983-87 йилларда эса Тошкент ислом институтида, 1989-90 йилларда Марокашдаги «Каравайин» университетида таҳсил олган. 1987-2000 йиллар давомида Паяриқ туманидаги «Имом Бухорий» масжидида имом-хатиб, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Самарқанддаги бош вакили вазифасида фаолият олиб борган. 2006 йил 8 август куни эса Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган. 2021 йил 15 августда вафот этган.


Нуриддин Холиқназаров

Нуриддин Холиқназаров 1968 йилда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган. 1992 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасаси, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаган. Иш фаолияти давомида Асака шаҳридаги «Аҳмадали Махдум» жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани «Оқ тепа» жоме масжиди имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилган.

2019 йил 25 августдан 2021 йил 18 октябрга қадар Тошкент шаҳар бош имом-хатиби сифати фаолият юритган.

2021 йил 19 октябрда Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди.

© 2019 - 2024 Babakhan Foundation Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Verified by MonsterInsights