Babakhan Foundation

Давримизнинг улуғ инсонларидан бири, Қуръон ва ҳадис илмининг ажойиб билимдони, жаҳон таниган жамоат арбоби, ҳаётини Ислом дини йўлига, халқни адолатга, диёнатга, поклик, ҳақгўйлик ва ҳалолликка чақиришга бағишлаган ва шу олижаноб хислатларни тарғиб қилишда оғир машаққатларни бошидан кечирган инсон — шайх Эшон Бобохон ҳақида ёзиш фахрлидир.

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари 1860 йили Тошкент шаҳридаги Ҳасти Имом маҳалласида машҳур уламолар оиласида таваллуд топганлар. Ёшлари етмасдан оналари вафот этиб, Абдулқодир ҳожи бобо билан эмикдош бўладилар. Ёшликдан боболари Аюбхон ибн Юнусхон ва оталари Абдулмажидхонда ўқиганлар, сўнгра Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасаси ҳужраларида яшаб, илм олганлар, Бухородаги “Мир Араб” мадрасасини тамомлагач, Тошкентга қайтиб, “Мўйи Муборак” мадрасасида кўп йил сабоқ берганлар, бош мударрис бўлиб ишлаганлар.

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон кўпчилик дин, илм-фан, адабиёт кишилари қатори 1937 йили қамоққа олиндилар, у ерда пича ўтириб чиқдилар. 1941 йили иккинчи марта ҳибсга олиниб, қамоқ азобини тортдилар. 1942 йил бошларида Ўзбекистон ССР Олий Совети раиси Йўлдош Охунбобоев ҳузурига мурожаат қилиб кирадилар. Қама-қамаларда жумҳуриятимизнинг кўзга кўринган Ислом дини аҳллари бадарға қилиб юборилганини, фашистлар ҳужумидан юртимиз, мамлакатимиз таҳлика остида қолган бир пайтда, марҳумлар жанозасини ўқийдиган киши топилмаслигини, маййитларга Қуръон ўқиш тақиқланганини, жумҳуриятда, жумладан, Тошкентдек азим шаҳарда бирорта ошкора масжид йўқлигини тушунтирадилар. Пойтахтда Ўрта Осиё жумҳуриятларини бирлаштирадиган Диний ташкилот очиб берилса, Ўрта Осиёдаги барҳаёт аҳли илмларни топиб, уларга имкон борича тушунтириш ўтказсак, улар Қуръони каримни ва Пайғамбаримиз суннатларини ўз шаҳарларида тарғиб қилсалар, масжидлар ва мадрасалар очиб, толиби дошлар тайёрласак, Аллоҳ фарзини адо этиб, давлатимиз ғалабасини ва фаровонлигани дуо қилиб турсак, албатта, муваффақият қозонамиз, деган маънода сўзлайдилар.

Йўлдош Охунбобоев ҳазратнинг мурожаатини Ўзбекистон Министрлар Совети раиси Абдужаббор Абдураҳмоновга айтади ва у бир оз ўтиб, Эшон Бобохонни қабул қилади ва: “Эшон ота, Масковдаги раҳбарлар билан гаплашдим, Тошкентда диний ташкилот очишга рухсат бўлди. Уни қаерда очиш ўзингизга ҳавола”, дейди. Эшон Бобохон ҳазратлари: “Диний идора албатта эски шаҳарда бўлиши керак. Ҳасти Имом даҳасида ўзимнинг ҳовлим бор, шу ҳовли танланса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Лекин ховлим ҳозирда болалар боғчаси билан банд”, дейди. Шундан сўнг Министрлар Советининг қарори билан уч кун ичида ҳовли бўшатиб берилади. Тезда бир ташкилий қўмита тузилади. Эшон Бобохон ҳазратлари Қозоғистонга, Зиёвуддинхон қори Тожикистон ва Туркманистонга, Мулла Содиқ домла Тўқмоқ ва Ўш шаҳарларига, Абдураззоқ Эшон Хўжандга борадилар. Аҳли илмларни Тошкентда очилажак Диний идора фаолиятидан хабардор қилиб, ўз вакилларини Тошкентга юборишларини итимос қиладилар.

Диния назорати то 1954 йилгача Эшон Бобохон ҳазратларининг уйларида иш юриттан. Ҳаз-ратнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Министрлар Совети қарорига мувофиқ кейинчалик Бароқхон мадрасаси ва Тиллашайх жомеъ масжиди Диния назорати ихтиёрига берилди.

Жаноби муфтий масжидга жиловхона ва ғиштин девор олиш учун ўз жамғармаларидан ўн минг сўм васият қилиб қолдирган эдилар. Бу васиятнома муфтий ҳазратларининг дафн маросимларида ўқиб эшиттирилгач, бутун Ўрта Осиёдан маросимга келган мусулмонлар ҳам ёрдам қўлларини чўзишди, жамғарма миқдори 600 минг сўмдан ошиб кетди.

Жаноби муфтийнинг эзгу умидлари мадрасалар очиш ва унда толиби илмларни тайёрлаш эди. Бу ҳақда СССР Министрлар Советига ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советига кўп марта ёзма равишда мурожаат килганлар. Натижада 1946 йил июн ойида Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси Абдураҳмонов муфтийни таклиф қилиб, Масковдан келган рухсатномани кўрсатади: Бухорода юз нафар талабага мўлжалланган бир мадраса очишга рухсат берилган эди. 1946 йил 29 августда Эшон Бобохон ҳазратлари Тошкентдан бир неча мударрислар билан бирга Бухорога бориб, 1 сентабр куни сермазмун нутқ билан мадрасани очдилар ва унга бош мударрис қилиб Ҳожи Акбархон домлани тайинладилар. Ўтган давр мобайнида мадрасадан кўплаб уламолар етишиб чикди. Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари 1957 йил 5 июнда 98 ёшда вафот этдилар. Бутун умрини Ислом дини йўлига бағишлаган олижаноб, халқпарвар бу инсоннинг ҳаёти ҳаммамиз учун ибратлидир.

Исматулла АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

фан арбоби, филология фанлари

доктори, профессор

© 2019 - 2024 Babakhan Foundation Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Verified by MonsterInsights