ИДОРА ТАРИХИГА БИР НАЗАР
Ўлкамизда мустақиллик шамоли эса бошлаганидан бери дин соҳасидаги ўзгаришларнинг аҳамиятини чуқурроқ англаб етиш ва уларни муносиб қадрлаш учун бугунги ҳаётимиз билан совет давридаги диний аҳволни қиёслаш ёш мусулмонларга, толиби илмларга ва уларнинг пешволарига сабоқ бўлишига аминмиз.
Миллатимиз тарихида ўчмас қора доғлар қолган замонларда мусулмонларимиз Қуръони каримни ўқиш-ўрганиш у ёқда турсин. уни уйларида сақлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум эдилар. Имонли ва мансабдор шахслар ва амалдорлар доимий суратда мафкуравий муассасалар томонидан таъқиб остида бўлганлари сабабли ҳатто марҳумларни дафн этиш маросимларида бемалол ҳозир бўла олмас, инсоний бурчларини ҳам адо эта олмас эдилар. Айниқса, юртимизнинг аксарият халқи мусулмон бўлгани учун мамлакатимизда Исломга қарши кураш дахрийларнинг бош вазифаларидан бири эди. Улар Исломни ўзларининг ғоявий душманлари ва мусулмонларни мафкуравий рақиблари ҳисоблар эдилар.
Иккинчи жаҳон уруши айни қизиган паллада ҳоли танг келиб қолган советлар ҳукумати иттифоқчи мамлакатларнинг иккинчи фронтни очишига жуда муҳтож бўлди. Аммо Ғарб давлатлари бунинг учун бир нечта шарт қўйишган эди. Шулардан бири — халққа диний эркинлик бериш. Ночор қолган совет давлати иттифоқчилар тазйиқи билан 1943 йили жойларда диний марказлар очилишига, жумладан, Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати ташкил этилишига ижозат берди. Янги диний марказни молиявий таъминлаш мақсадидгина собиқ беш республиканинг йирик шаҳар ва вилоятларида битта-биттадан масжид очилишига рухсат этилди. Узоқ вақт қаровсиз қолган масжидларнинг бинолари хароба ҳолига келиб қолган эди. Бир неча йиллар дину диёнатдан маҳрум этилган ота-боболаримиз хурсандликни ичларига сиғдира олмай, бел боғлаб, уларни таъмирлаш ишига киришдилар. Чунки масжидларнинг очилишига рухсат этилишининг ўзиёқ улар учун улкан тарихий воқеа эди. Энди диния назорати олдида янги муаммо пайдо бўлди: масжидларни имомлар билан таъминлаш керак эди. Чунки бу даврга келиб, имомликка лаёқатли домлаларнинг сони камайиб кетган, борлари ҳам совет ҳукуматининг тазйиқларидан безор бўлганлари учун масжидларда ишлашдан қўрқар эдилар.
Ниҳоят, диния назоратининг такрор ва такрор илтимосидан кейингина 1945 йили Бухородаги хароба ҳолига келиб қолган Мир Араб мадрасаси биносида талабалар сонини йигирмадан оширмаслик шарти билан мадраса очилишига рухсат этилди.
Лекин Мир Араб мадрасаси биносининг асрлар давомида захлаб кетган ҳужраларини иситиш амримаҳол эканини эътиборга олиб, мутасаддилар 1958—59-ўқув йилида Бароқхон мадрасасини очишга рухсат этишди ва Мир Араб мадрасаси толиби илмларининг бир қисми Тошкентга кўчириб келинди. Афсуски, бу илм даргоҳи узоқ ишламади. Айтишларига қараганда, ўша пайтдаги раҳбарлардан бирига Ўзбекистон марказида диний мадрасанинг фаолият кўрсатиши ёқмаган экан.
1960 йиллар охири 1970 йилларга келиб советлар ҳукумати ўзининг дунёга ҳукмронлик қилишдек қора ниятларини амалга ошириш мақсадида нигоҳини араб ва мусулмон мамлакатларига қарата бошлади ва улар билан сиёсий, иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, шу йўл билан уларни ўз таъсир доирасига киритиб олиш режаларини тузди. Аммо бу ғаразли ниятларини амалга ошириш осон эмас эди. Чунки Ғарб мамлакатлари жаҳонга советларнинг динсиз эканини, диндорлар барча инсоний ҳуқуқлардан маҳрум этилганини уқдириб бўлган эди. Эътиқодий масалани биринчи ўринга қўядиган араб ва мусулмон халқлари динсизлар юрти билан алоқа ўрнатишни истамасликлари табиий ҳол эди. Шунинг учун Масковдаги мутасаддилар тезлик билан Уфа, Боку, Бўйнакск ва, хусусан, Тошкентдаги диний идораларнинг фаолиятини кенгайтиришга ва улар воситасида хорижий мусулмонлар орасида совет давлатида «виждон эркинлиги таъминланганини» тарғиб этишга бел боғладилар. Шу мақсадни амалга ошириш учун 1970 йили Тошкент шахрида Ислом олий маъҳадини (ҳозирги Имом Бухорий номидаги Ислом институтини) очишга, 1969 йили диния назорати қошида халқаро алоқалар бўлими ва тўрт тилда («Совет Шарқи мусулмонлари») номли журнал чоп этишга, оз нусхада бўлса ҳам, Қуръони каримни ва Имом Бухорийнииг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарларини араб тилида нашр қилишга, Иттифоқ бўйича йигирма беш нафар мусулмонларни ҳажга юборишга ва халқаро анжуманлар ўтказишга рухсат этилди. Афсуски, мазкур тадбирларнинг барчаси, юқорида айтганимиздек, фақат ғаразли бир мақсадга, у ҳам бўлса, хорижий мусулмонларни Совет Иттифоққда диний эркинликка кенг йўл очиб берилган, деган сохта ҳақиқатга ишонтиришга қаратилган эди. Нашрдан чиқарилган диний асарлар ва ойномалар мамлакат ичкарисидаги мусулмонларга берилмас, уларнинг қарийб барчаси чет эллардаги исломий ташкилотларга ва хориждан келган меҳмонларга диний «эркинлик мавжудлигининг» исботи сифатида тақдим этилар эди. Худди шу мақсадда тез орада совет мусулмонларини чет элларга юбориш, хорижда ташкил этиладиган исломий анжуманларда иштирок эттириш, совет ҳукуматига лоқайд бўлган Ислом олимларини СССР зиёратига таклиф этиш ва ҳатто машҳур Ислом дорулфунунларига талабалар юбориш йўлга қўйилди. Бу даврга келиб, диния назорати “Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси” деб атала бошланди. Муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон, раҳматуллоҳи алайҳ, бошлиқ раҳбарият мазкур берилган озгинагина имкониятдан ўзларининг Аллоҳ олдидаги бурчларини ҳалол адо этишга, Ислом ва мусулмонларга холисона хизмат қилишга, ҳалқимиз қалбидан дину диёнат ва имону эътиқод сўниб кетишининг олдини олишга, миллий уфр-одатларимизни сақлаб қолишга, исломий турмуш тарзининг афзалликларини ёшлар онгига сингдиришга, турли миллат ва элатлар ўртасида биродарлик ва ватандошлик ришталарини мустаҳкамлашга, диндошлар орасида аҳиллик ва бирдамликни қарор топтиришга, уламоларнинг бошларини бир ерга қовуштиришга ва бошқа кўпгина хайрли ишларни амалга оширишга сарф қилдилар. Дарҳақиқат, муфтий ҳазратлари ўзларининг чуқур исломий билимлари, хушфеълу одоблари, мислсиз ташкилотчилик қобилиятлари, илм аҳлига ва, хусусан, толиби илмларга меҳрибонлиги, жозибадор нотиклиги, ғарибу мусофирларга ҳамдардлиги ва бошқа қатор қобилиятлари билан ҳақиқий донишмандликнинг намунаси ва мусулмонларнинг пешвоси эдилар. Ҳозирги кунда Ислом ва мусулмонлар учун нафақат юртимизда, балки Русия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби мамлакатларда хизмат қилаётган диний раҳбарлар у зотнинг бевосита ёки билвосита шогирдларидирлар. Советлар даврида диний соҳада ишлаш ҳеч кимга, ҳатто диний ташкилотларни назорат қилиб турадиган давлат муассасалари хизматчиларига ҳам осон кечган эмас. СССР Министрлар Совети ҳузурида ташкил этилган “Диний ишлар кенгаши” номли идора ва унинг марказий ҳокимиятгагина бўйсунувчи жойлардаги вакиллари зиммасига қоғозда давлат билан руҳонийлар ўртасида воситачилик қилиш ва улар орасидаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, амалда эса, барча диний марказларнинг фаолияти устидан қаттиқ назорат қилиш вазифаси юклатилган эди. Мазкур кенгашда фақатгина атеистлар (даҳрийлар) хизмат қилар эди. Бу ҳол бамисоли қўйни оч бўрига топшириб қўйишга ўхшаб кетар эди.
Мен ҳам бир неча йил мобайнида Диний идоранинг халқаро бўлимига бошчилик қилганман. Вазифа юзасидан Диний кенгаш вакиллари билан тез-тез мулоқотда бўлишга, Диний идоранинг ички ва ташқи сиёсатига оид фаолиятини муҳокама қилишга, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатига тегишли режаларидан келиб чиқиб, диний раҳбарларнинг вазифаларини белгилашга бағишланган суҳбатларда иштирок этишга тўғри келар эди. Бундай қатор учрашувлар асносида камина советлар ҳукуматининг умуман диндорлар, хусусан, диний муассасаларга нисбатан олиб борган сиёсатининг нақадар зулмкор эканига тирик гувоҳ бўлганман. Исбот тариқасида бир неча мисоллар келтираман:
Масжид ва имомлар ҳақида.
Совет даврида янги масжид биносини қуриш ва уни ишга тушириш тўғрисида сўз ҳам юритиш мумкин эмас эди (Зарурат юзасидан барпо этилган бир нечта масжид мустасно). Фақат эски ва ташландиқ масжидларни очишга рухсат борасида сўз юритиш мумкин эди, холос. Ҳатто масжидларнинг таҳоратхоналарини созлаш учун ҳам Масковга мурожаат қилинар эди. Самарқанддаги Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд масжидларини таъмирлаш ва обод қилишга рухсат сўраб Диний идора ўн йил мугтасил мурожаат этган. 1974 йилга келиб Самарқандда Имом Бухорийнинг таваллудларига 1200 йил тўлиши муносабати билан ўтказиладиган халқаро анжуман туфайлигина у зотнинг масжидларини бир оз таъмирлашга рухсат этилди. Таъмирлаш ишлари бошлаб юборилгани-дан кейин ҳам бизга номаълум сабабларга кўра бир неча бор иш тўхтатиб қўйилган.
Масжид имомлари Диний идора томонидан тайин этилсалар ҳам, масжид ишларига бош-қош бўлишга ҳақлари йўқ эди. Масжидларга асосан ҳукумат томонидан тайин этилган мутаваллилар — хўжалик ишлари мутасаддилари хўжайинлик қилар эди. Улар ҳатто имомларнинг никоҳ, жаноза ва бошқа диний тадбирларини ўтказиб берганлари эвазига уй эгаларидан оладиган ихтиёрий ҳадяларни ҳам назорат қилар ва улар тўғрисида мунтазам Диний кенгаш вакилига ахборот бериб турар эдилар. Уларнинг маълумотларига асосланиб молия идоралари имомларга катта миқдорда даромад солиғи солар, шунингдек, ойлик маошларининг ярмидан кўпини солиқ сифатида олиб қўяр эди. Жума мавъизаларининг матни ҳам аввал рус тилида тайёрланиб, ҳукуматга тақдим этилиши мажбурий эди. Бечора кўп имомлар рус тилини билмаганлари боис таржимон ёллар ва амал-тақал қилиб не азобу уқубатлар билан диний маърузаларини русчалаштиришар эди. Улар ижтимоий таъминот ҳуқуқидан ҳам махрум эдилар. Чунки имоматчилик иш стажига кирмас ва шунинг учун улар давлатдан бир тийин ҳам нафақа олишга ҳақли эмас эдилар. Намозхонларнинг аксариятини кексалар ташкил этар, ёшлар ва ўрта ёшдагилар масжидларга қўйилмас эди. Жума ва икки хайит кунлари масжидлар дарвозалари олдида ҳуқуқни ҳимоя қилиш махсус ташкилотларининг вакиллари оддий кийимда туриб олиб, намозхонларни бирма-бир назардан ўтказишар эди.
Мадрасалар ва муддаррислар тўғрисида.
Бухородаги Мир Араб билим юрти ва Тошкентдаги олий мадраса режалари асосан Масковдан тасдиқлаб берилар эди. Ўқув режаларига тарих, география ва рус тили каби фанларни умумий ўрта мактаблар ҳажмида киритиш ва уларга диний фанлардан кўра кўпроқ дарс соатлари ажратилиши шарт эди. Гарчи талабатар мазкур фанларни ўрта мактабларда ўқиган бўлсалар ҳам, такрор ва такрор ўқишга мажбур эдилар. Диний фанлар иккинчи даражали ҳисобланарди. Натижада талабалар дин илмидан “чала мулла” бўлиб қолмасликлари учун баъзи фидойи мударрислар моддий ва маънавий қийинчиликларга қарамай, ўз билимларини дарслардан кейин ҳам шогирдларига беришга ҳаракат қилишар эди. Дарҳақиқат, мударрислар ўз ишларига фидойи ва эътиқодда комил инсонлар эди. Шунинг учун ҳам барча қийинчиликларга бардош беришган. Мансабдор шахслардан бири конибодомлик Мулла Сафиюллоҳ исмли домламизни соқолидан тортиб кўпчилик олдида изза қилгани ҳамон ёдимда. Шундай ҳақоратларга қарамай, мударрислар бурчларини сидқидилдан адо этишган.
Ҳаж ва умра ҳақида
Ўтган аср 30-йиллари ўрталарида Совет ҳукумати Саудия Арабистонидаги элчисини чақириб олиб, дипломатик алоқани биртомонлама узганидан бери дунё мусулмонларининг муқаддас жойларига йўл буткул ёпилди.
Жаҳон саҳнасида сиёсий вазият ўзгариши туфайли Масков ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ўз фуқароларини Саудия Арабистонига учинчи давлат орқали юборишни йўлга қўйди. Собиқ Иттифоқ бўйича милёнлаб мусулмонлардан атиги йигарма беш нафар одамга ҳаж қилишга ижозат берила бошланди. Ўзбекистон мусулмонларига шундан 5-6 тагина ўрин ажратиларди. Ҳажга боришга муносиб кўрилган номзодлар минг чиғириқдан ўтказилар, совет тузумига «садоқат»ларига қониқиш ҳосил қилинганидан кейингина муборак сафарга рухсат этилар эди. У замонларда умра тўғрисида оғиз очиш ҳам мумкин бўлмаган. Ҳажга борганлар истасалар умрани ҳажга қўшиб бирга адо этар эдилар. Ҳожилар Саудия Арабистонида бўлган вақтларида нафақат ерли араблар ёки бошқа хорижий мамлакатларнинг вакиллари билан алоқа қилиш, балки ватандошлар билан ҳам дийдор кўришиш тақиқланган эди. Ўз навбатида, Саудия Арабистони маъмурияти ҳам совет хожиларига ҳадиксираб қарар, ватандошларнинг улар билан кўришишларига йўл қўймас эди. Шу боис улар совет мамлакатидан келган ҳожиларни меҳмонхоналарига эмас, Зайни Кўшак исмли мутаваффиф (Каъбатуллоҳни тавоф қилдирувчи)нинг шахсий хонадонига жойлаштиришар эди. Бундай сунъий тўсиқларга қарамасдан, она ватан соғинчида хожилар қадамига интизор ватандошларимиз улар билан учрашиш йўлини топишар ва уйларига таклиф этиб, туни билан ватан ҳакида сўраб-суриштиришар эди. У пайтлари дунёда Ўзбекистон номли жумхурият борлигини ҳеч ким билмас, бу мамлакат вакиллари қайси миллат бўлишларидан қатъи назар, чет элларда “руслар” деб аталишар эди. Дарҳақиқат. у вақтларда “Ўзбекистон” деган мамлакат бўлган эмас, у Русиянинг мустамлакаси бўлгани учун ҳам уни ҳеч ким танишни истамас эди. Аллоҳга шукрлар бўлсин, бугун араб ва мусулмон мамлакатларида мустақил Узбекистонни танимаган ва билмаган одам кам топилади.
Нашр ишлари ҳақида.
“Совет шарқи мусулмонлари” номли ойнома Диний идоранинг лисони ҳоли деб ҳисоблансада, амалда у ҳуқумат нашри бўлган. Хорижий мамлакат халқлари орасида, юқорида таъкидлаганимиздек, Советлар юртида ҳурфикрлиликнинг барча йўрикдарига риоя қилинади ва унинг таркибий қисми бўлмиш виждон эркинлиги кафолатланган, деган ёлғон даъвони зўрма-зўраки уларнинг онгига сингдириш ойноманинг асосий ва бош мақсади қилиб белгиланган эди. Уни инглиз ва франсуз каби ёт тилларда нашр қилинишининг ўзиёқ фикримизга далилдир. Акс ҳолда, уни қандай баҳолаш ва изоҳлаш мумкин?! Қизиғи шунда эдики, ойнома мақолаларининг мавзуи Масковдан белгилаб берилар, рус тилида тайёрланган матнлар таҳрир қилинар ва шундан сўнг бошқа тилларга таржима этилиб, чоп этишга рухсат этилар эди. Ойнома нашрдан чиққанидан кейин эса, Масковдагиларнинг ўзлари атеистик журналларда унга нисбатан танқидий мақолалар эълон қилар ва баъзилар атеизм соҳасида фан номзоди деган “илмий” унвонга эга бўлиш учун материал сифатида ундан кенг фойдаланишар эди.
Абдуқаҳҳор ШОШИЙ