Babakhan Foundation

Cаксон олти ёшдаман. Юртимизда дин равнақи йўлида кўп хизмат қилган табаррук сулоланинг бир аъзоси сифатида падари бузрукворим Эшон Бобохон ҳазратлари ва у зотнинг зурриётлари ҳақидаги хотиралар қўлимга қалам тутқазди.

1928 йили отам Эшон Бобохоннинг ер-сув, мол-мулклари, шаҳар ҳовлилари мусодара қилинди. Отам билан бирга Зайнуддинхон акам ҳам кўп вақт яшириниб юришга мажбур бўлди. 1929-1930 йиллари орган ходимлари уларни олиб кетиб кечгача сўроққа тутар, ярим тунда қўйиб юборар эди. У кишига “Диний уламолар раҳбари” деган айб қўймоқчи бўлишди. Диндорларга ҳужум бошланган кезларда 1937 йил 14 август кечаси соат учларда отам Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва акам Зайнуддинхон қамоққа олинишди. Терговчи полковник Мусин буйруғи билан уйимиздан иккита юк машинасида нодир қўлёзма китоблар олиб кетилди.

Отам ва акамни дастлаб НКВД ертўласида, кейинчалик эса Олой бозорига яқин жойдаги қамоқхонада сақлашди. Отам терговчи Мусиндан “Далоили хойрот” деган китобларининг келтирилишига рухсат сўраганларида, у бир оз ўйланиб, “қамоқдан қутилиб чиқмоқчимисиз, бобо” деган экан. Аслида Мусин уфалик домланинг ўғли бўлиб, Ислом тўғрисида тушунчаси бор экан. Чамамда, олти ойлардан кейин отам қамоқдан озод этилди. Зайнуддинхон акам эса бир гуруҳ диндорлар қатори олис Сибирга бадарға қилинди. 1938 йил ноябр ойида акамнинг вафоти тўғрисида хабар етиб келди.

“Диндорнинг фарзандлари” деб Бадриддинхон акамни, мени, Насриддинхон укамни ва синглим Саидахонни мактабдан ҳайдашди, ўқишни давом эттиришга йўл қўйишмади. Қийинчилик даври, оилани боқиш учун ишга кириш керак, аммо диндорнинг фарзандларини ишга қабул қилиш ҳам муаммо бўлиб қолган эди. Акам ва укам Бобохонов ўрнига Бобоев деган исм-шарифни қабул қилишди. Сўнгра Бадруддинхон акам “Ташселмаш” заводига ишга кирди.

1941 йил кузида отам яна бир бор қамоққа олиндилар ва НКВД ертўласида ўтирдилар. Орадан бир ой ўтганидан ке-йин акам Зиёвуддинхон ҳам қамоқда эканини турма қоровули махфий равишда отамга етказган: “Бобо, дуо қилиб ўтиринг, ўғлингизни ҳам олиб келишди”. Ота ва ўғил турма азобини кўп тортишди. Тақвоси кучли, имони мустаҳкам, эътиқодига содиқ Эшон Бобохон ҳазратлари бу гал ҳам ўғиллари Зиёвуддинхон билан қамоқдан омон чиқдилар.

Иккинчи жаҳон уруши авжга чиққан 1943 йили СССРнинг урушдаги иттифоқчилари АҚШ билан Англия иккинчи фронт очиш масаласи кўрилганида Совет Иттифоқи раҳбарияти олдига қўйган талаб ва шартларидан бири диндорларга диний расм-русмларни ўтказишларга рухсат бериш эди.

1943 йилнинг куз ойларида Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдужаббор Абдураҳмонов Эшон Бобохон ҳазратлари билан суҳбатда бундай дейди: “Эшон ота, Тошкентда диний ташкилот ва масжид очишга Москвадан рухсат бўлди. Масжидларни очиб, Гитлернинг тезроқ енгилишини Аллоҳдан сўранглар. Лекин диний идора учун бино ажрата олмаймиз. Уни қаерда очиш ўзингизга ҳавола”. “Диний идора эски шаҳардаги Ҳазрати Имом даҳасида бўлиши керак, шунинг учун 1928 йилда мусодара қилинган уйимни қайтариб берсанглар бас”, дебдилар отам. Уч кун ичида уйимиз қайтариб берилди. Шу йили уни таъмирлашди ва ўн икки йил давомида Диний назорат идораси ва кутубхонаси бўлиб хизмат қилди. Кейин бу ҳовли Диний назоратнинг меҳмонхонасига айлантирилди. Илм толиблари ва олисдан келган мусофирлар шу ерда истиқомат қилишарди. (1996 йилда Қорасарой кўчаси таъмирланганида у бузилиб кетди.)

Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини очишга қарор қилинган эди. Бунга тайёргарлик ишлари бошланиб кетди. Отам раисликларида ташкилий қўмита тузилган, Зиёвуддинхон акам масъул котиб вазифасини бажарганлар.

Ташкилий қўмита бир неча мажлислари ўтказилди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикаларига вакиллар юборилди. Улар орқали Тошкентда очилган Диний идоранинг фаолияти ҳақида хабар берилди. Кўзга кўринган уламолар ва диндорларни топишга ҳаракат қилинди. Шўро даврида руҳонийларга ўтказилган тазйиқ ва адолатсизликларни кўравериб юрак олдириб қўйган уламоларни йиғиш осон кечмади.

Ҳазрати Имом (Ҳастимом) даҳасидаги Бароқхон мадрасасида ўша пайтда йигирмадан ортиқ кўзи ожизлар оиласи яшарди. Булар мадрасада яшаб, Тилла шайх масжиди биносида арқон тўқиш билан машғул бўлишган. Советлар даврида Тилла шайх масжиди ҳам жуда хароб аҳволга келган.

1954 йили муфтий Эшон Бобохон ҳазратлари Бароқхон мадрасасини ва Тилла шайх масжидини идора ихтиёрига бериш масаласини Ўзбекистон ҳукумати олдига қўйиш билан бирга, кўзи ожизлар оилаларига уй қуриб беришни зиммаларига олдилар. Қорасаройдаги дала ҳовлимизда менга аталган ва ажратилган ерда отам ўз ҳисобларидан йигирмата оилага уй қуриб бердилар. Уларга Бароқхон мадрасасидан кўчишида кўмаклашдилар. Ҳукумат қарори билан Бароқхон мадрасаси ва Тилла шайх масжиди диний назорат ихтиёрига берилди.

Отам ва Зиёвуддинхон акам раҳбарликларида мадраса ва масжид ҳашар йўли билан тўрт-беш ой ичида таъмирланди. Ҳашарда отам саксон икки ёшда эканларига қарамасдан намуна кўрсатганлар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси мадраса биносига кўчиб ўтди. Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси шу ерда фаолият кўрсатиб келмоқда. Масжид ҳам бугунгача мусулмонлар хизматида.

Отам Эшон Бобохон ҳазратлари собиқ СССР мусулмонлари гуруҳига раҳбар сифатида 1945 йили ҳаж сафарига борганлар ва Маккада Саудия Арабистони подшоси Абдулазиз ибн Сауд қабулида бўлганлар. Ўша йили Ислом давлатлари билан ташқи алоқалар ўрнатилишига ва собиқ СССР мусулмонларининг ҳар йили ҳаж сафарига боришига асос солинди. (Мустақиллигимиз шарофати билан минглаб ватандошларимиз қатори мен ҳам икки марта ҳаж амалини адо этиб қайтдим.)

1943 йилдан то 1989 йилгача салкам ярим аср давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг раҳбарлари сифатида ота-ўғил-набира Бобохоновлар Ислом ва мусулмонлар манфаати йўлида хизмат қилиб келишди. Улар раҳбарлигида Диний бошқарма ташқи Ислом олами билан алоқа қилиш, ҳаж сафарини жорий этиш, мадраса ва масжидлар очиш, Қуръон ва ҳадис таълимотлари асосида масжидларда ваъзу иршод ишларини тартибга солиш каби қатор-қатор хайрли ишларни амалга ошириб келди.

Отам ҳам, акам ҳам сахий ва ҳимматли киши эдилар. Диний назорат тузилган дастлабки пайтданоқ бу дин марказини жиҳозлаш мақсадида асрлар мобайнида ота-боболари томонидан ва ўзлари тўплаган нодир китобларни тортиқ этиб, кутубхона очишган. Зиёвуддинхон акам муфтийлик маошининг тенг ярмини муттасил равишда шу кутубхонага китоб олиш учун ўтказишга қарор қилганини биламан. Бу иш йигирма беш йилдан ортиқ давр мобайнида — Зиёвуддинхон акамнинг вафотигача узлуксиз давом этди. Шамсуддинхон жиянимнинг айтишича, йигирма минг китоб сақланаётган кутубхона Тошкентдаги бой илм хазиналаридан бирига айланган экан. Унда Қуръони каримнинг ҳар хил ҳажмдаги қўлёзма ва босма нусхалари, тафсирга оид китоблар, ҳадис, фиқҳ, араб сарф-наҳви, мантиқ, тарих, тиб, шеърий тўпламлар, жуғрофия, фалсафа, илоҳиёт, риёзиёт, фалакиёт ва бошқа фанлар бўйича ёзилган асарларнинг шарҳлари билан танишиш мумкин.

Ўн тўрт аср илгари халифа Ҳазрати Усмон ибн Аффон бошчиликларида жамланиб, илк бор китоб шаклига келтирилган мусҳафлардан бири кутубхонада энг нодир ёдгорлик сифатида сақланмоқда.

Отам муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон саксон йилдан ортиқ, ўғиллари ва набиралари жами етмиш йилдан ортиқ Ислом дини йўлида фаолият кўрсатишди. Ўтган давр ичида муфтий Бобохоновлар масжидлар бўйича Жаҳон Олий кенгаши, Жаҳон Олий Ислом кенгаши, Ислом Олами конгресси, Иордания қироллик академияси, Жаҳон тинчлик кенгаши ҳамда Совет Иттифоқи ва Ўзбекистон миқёсидаги ўндан зиёд халқаро жамоат ташкилотлари ишида самарали фаолият кўрсатиб келишди. Ислом дини тарғиботи ва халқлар дўстлиги йўлидаги улкан хизматлари учун ота-ўғил-набира Бобохоновлар Иордания, Ливан, Марокаш ва собиқ СССРнинг давлат мукофотлари билан тақдирланишган.

Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва волидам Саломатхоннинг тўққиз фарзандларидан 29 невара, 90 эвара ва кўплаб чевара дунёга келган. Сақланиб қолган шажарадан маълумки, отамнинг аждодлари ўн бир аср олдин Шомдан (ҳозирги Сурия) Туркистоннинг Исфижоб (Сайрам) қишлоғига кўчиб келишган экан.

Дин йўлида юз эллик йил ибратли хизмат қилган бу зотларнинг ишларини бугун яна бир бор эслар эканмиз, Аллоҳ таолодан уларни раҳмат қилишини, барча яхши ишлари, солиҳ амалларининг мукофотини охиратда мўл-кўл қилиб беришини сўраб, дуода бўламиз.

 

Софияхон Эшон БОБОХОН қизи

 

«Ҳидоят», 2006, 10-сон

 

© 2019 - 2024 Babakhan Foundation Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

Verified by MonsterInsights