АЗИЗ ХОНАДОН ХИКОЯТИ
Жамол Камол
Ўзбекистон халқ шоири
АЗИЗ ХОНАДОН ХИКОЯТИ
(“Анвармирзо ҳикоятлари” китобидан)
Қирқ учинчи йилнинг қиши,
Уруш, авжи қаҳратон,
Москвага чақирилди
Ҳазрат Эшон Бобохон.
Етиб боргач, Кремлда
қабул қилди Сталин,
Нечук Ислом уламосин
кўзга илди Сталин?
Зўр келганда заруратдан
мажбур бўлди бу ишга,
Рухсат берди мусулмонлар
идорасин очишга…
Ўйладики, муфтий бўлса
мусулмонлар бошида,
Не келарди қўлидан деб
саксон икки ёшида?
Йўқ, адашди ўша золим
ўз бедаво онгидан,
Ўчаёзган Ислом шами
порлай кетди янгидан.
Ислом нури яна маҳзун
кўнгилларни ёритди,
Яна умид пайдо бўлди,
қайғуларни аритди.
Ўша кунлар Ҳазрат гўё
йигит бўлди чинакам,
Тошкент аро мўминларни
қурултойга этди жам.
Қозоғистон, Қирғизистон
вакиллари келишди,
Тожикистон, Туркманистон
вакиллари келишди.
Яна Ислом ривожига
қабул бўлди қарорлар,
Тилга тушди тариқатлар,
мусулмоний шиорлар.
Бухорода шогирдларга
эшик очди мадраса,
Ўқитилди илми Қуръон,
илми Ҳадис, ҳандаса.
Илм истаб бу гўшага
ҳар ўлкадан келишди,
Талабалар Кавказдану
Россиядан келишди.
Масжидларни очишга ҳам
тегди шунда ижозат,
Саҳарларда азон янграб,
жорий бўлди ибодат…
Йиллар ўтиб, Ҳазрат Эшон
таслим этиб Ҳаққа жон,
Муфтий бўлди ўғиллари
Зиёвуддин Бобохон.
Ҳазрат Эшон ёққан ўтдан
пайдо бўлиб аланга,
Дини ислом мартабаси
кўтарилди баландга.
Яна баланд кўтармоқлик
эди Имом мақсади,
Шу ниятда иш бошлади
Тошкент Ислом маъҳади.
Миллат яна эътиқоднинг
этагидан ушлади,
Катта-кичик қувонч ила
Қуръон ўқий бошлади.
Амри маъруф мажлислари
яшнаб дуо-тилакдан,
Бухорийлар, Термизийлар
ёд этилди юракдан.
Тинчлик бўлсин жаҳонда деб,
овозида – итоби,
Жаранглади Зиёвуддин
Бобохоннинг хитоби.
Куфр нима, иймон нима,
халққа баён этилди,
Чин исломий хақиқатлар
элга аён этилди.
Йиллар ўтиб, Ҳазрат кетиб,
дорулбақо бағрига,
Ўғиллари Шамсиддинхон
келди улар ўрнига.
Ҳусни гўзал, ҳулқи гўзал,
илми эди мукаммал,
Янги аср уламоси,
дерди уни донолар…
У туфайли ҳадисларни
халқ яхшироқ англади,
Расулуллоҳ ҳикматлари
тилимизда янгради.
У туфайли овозимиз,
етди яна йироққа,
Миср, Қувайт, Саудия
балки Шому Ироққа.
Элчи бўлиб элимизнинг
обрўсини оширди,
Юракларда халқимизга
муҳаббатни тоширди…
Ярим аср давомида
шу мўътабар хонадон
Юртимизда бўлди Ислом –
чироғига чароғбон.
Йиллар оша давом этиб
асл яна аслдан,
Бугун Амирсаидхонлар
келди ўша наслдан…
Бугун Ислом чироқ эмас,
юртимизда машъала,
Йироқлардан йироқларга
кўринади баралла.
Ёғдусида яшар азиз
хонадоннинг ҳиммати,
Юракларда шукуҳи бор,
бошимизда миннати…
Азиз хонадон ҳикояти – Муфтий Бобохоновлар таржимаи ҳолига чизгилар
Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонларнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳалқлари, Россия, Шимолий Кавказ, Закавказье, Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Малайзия, Туркия уламолари орасида юксак обрў-эътиборга эга эканликларининг бир неча сабаблари бор. Аввало, улар IX аср бошида Шомдан Ислом дини даъватчилари бўлиб Моварауннаҳрга – юртимизга келган ва 1300 йилдан ортиқ вақт мобайнида Қуръон ва Ҳадислар зиёсини минтақага таратган машҳур ва мўътабар авлодларидир.
Ўткан асрда Эшон Бобохон ва Зиёвуддинхон қори шўролар – динсизлар давлатида машъум 1937 йилдаги виждон ва дин эркинлиги учун кураш қурбонлари бўлганлари ҳам маълум. Эшон Бобохоннинг укалари Ҳасан қори қамоқда бедарак кетган, ўғиллари Зайниддинхон қори эса Россиянинг Улан-Уде шаҳрида отиб ташланган. Эшон Бобохон ҳам кекса ёшларида икки марта қамоққа олиниб, азоб-уқубатга дучор этилганлар. Зиёвуддинхон қори ҳам ўша даврларда йигитлик умрларининг қарийб икки йилини қамоқларда ўтказганлар. Оғир йўқотишлар ва синовлар Эшон Бобохон ва Зиёвуддинхон қорининг руҳиятларини синдира олмаган, Аллоҳга муҳаббат ва Яратгандан умид билан тўла қалбларига замона зўрларидан, қийинчиликларидан қўрқувларга, тушкунликка жой топилмаган. Уларнинг қўрқувлар устидан мана шундай руҳий ва маънавий ғолибликлари ҳалқимизнинг ва хорижлардаги аҳли уламоларнинг чексиз ҳурматига ва муҳаббатига сазовор қилган.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентда янги минтақа диний бошқармасини жойлаштириш учун бино топиш амри маҳол бўлган эди. Ҳатто, Ўзбекистон ҳукумати раиси Абдураҳмонов Москванинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси учун бино топиш ҳақидаги буйруғини бажара олмаган. Шундай мураккаб вазиятда Эшон Бобохон хонадони Аллоҳ йўлида фидойилик қилиб, Тошкент шаҳри Ҳазрат Имом маҳалласидаги ўзларининг катта уй-жойларини Диний идорага ҳадя қилганлар. Яна бир неча йил давомида идорага ўқиш ва хизмат вазифаси бўйича узоқ – яқиндан келган минглаб дин арбоблари, хизматчилари ва талабаларни ўз ўйларида оила меҳмони сифатида қабул қилганлар.
Яна давлатлараро мусулмонлар идораси очилганда, унга тезлик билан кутубхона яратиш учун Эшон Бобохон авлодларининг бебаҳо мулки бўлган мингдан ортиқ нодир қўлёзма китобларни совға қилганлар. Ушбу фактлардан ақли расо хайрихоҳ одамлар қуйидаги хулосани чиқариши табиий. Эшон Бобохон хонадонининг ўз ишига фидойилиги бўлмаганда, Тошкентда мусулмонлар идораси ва унинг бой кутубхонаси очилиши бир неча йилга чўзилиб кетмасмиди? Бундай ўзига идора ва кутубхона ҳам очолмаган диний бошқармани шўъро тузуми шу сабабли хурсанд бўлиб ёпиб юбормасмиди?
Илмига амал қилган мулла улуғ, дейдилар. Амали ва юксак мақсади йўлида жони ва молини фидо қилган муфтийларни динимизнинг, янги тарихимизнинг чин қаҳрамонлари, авлиёларга яраша салмоқли, хайрли, савобли амаллар қилган улуғ Зотлар, десак муболаға бўлмас.
Муфтий Бобохоновлар ишини, орзу-армонларини бугун фахр ва шижоат билан ўзларини уларнинг шогирдлари, деб эътироф этаётган муфтийлар: Ўзбекистонда Муфтий Усмонхон ҳожи Алимов, Россияда Равиль Гайнутдин, Талгат Тожиддин, Озарбайжонда шайх-ул-ислом Аллахшукур Пошозода давом эттирмоқдалар.
Амирсаидхон Усмонхўжаев – Эшон Бобохоннинг набиралари (оналари Сафия хоним – Эшон Бобохоннинг қизлари, оталари Абдуҳалим Усмонхўжаев Ўзбекистон фанлар академияси аъзоси). Амирсаид ака узоқ йиллар ҳукумат тизимлари, савдо ва умумий овқатланиш тизими ходимлари республика касаба уюшмаларида раҳбарлик лавозимларида ишлаганлар. Фахрийликка чиққач, Амирсаидхон ака жамиятда яккахокимлик ҳукмрон замонда ҳеч кимни номини абайдийлаштиришга йўл қўйилмаган оғир вақтларда умрларини аждодлари уч муфтий Бобохоновлар номини абадийлаштириш мақсадига астойдил бағишладилар. У киши Ўзбекистон, Россия ва бошқа давлатларда машҳур бўлган “Жизнь муфтиев Бабахановых: служение делу возрождения Ислама в Советском Союзе” ва “Динимиз фидойилари” китобларининг муаллифидирлар. Мен юқоридаги тарихий асарлар ёзилиши ва нашр этилишида холисанлиллоҳ муаллифга ёрдам берганим билан фаҳрланаман. Амирсаидхон ака ўз ғайрати, тадбиркорлиги, янги очилган тарихчи олим ва ёзувчилик истеъдодлари ва ўз маблағлари ҳисобига “Муфтий Бобохоновлар тарихи кўргазмасини” очдилар. Шунинингдек Амирсаидхон ака ва камина муфтийларни Россиядаги содиқ шогирдлари билан ҳамкорликда Россияда халқаро “Муфтий Бобохоновлар фондини” таъсис этиб юқоридаги сулола ҳақидаги китобларни катта ададда нашр қилиб дунё бўйича тарқатганмиз.
Худога шукурки, Ўзбекистонимизда юзлаб ва минглаб номлари абадийлаштиришга муносиб олимлар, шоир, ёзувчи, давлат арбоблари сулолалари бор. Умид киламизки, муҳтарам, азиз хонадон Муфтий Бобохоновлар сулоласи ташаббуси мувоффақиятли амалга оширилгани уларни ҳам ўз улуғ аждодларини номларини абадийлаштиришдек хайрли ва сулола ҳамда жамият, давлат учун фойдали амалларга илҳомлантиради.
Анвармирзо Хусаинов – жаҳонгашта тадбиркор,
“Муфтий Бобохоновлар тарихи жамғармаси” таъсисчиси